Bog'lanish

Telefon
(+998 69) 227-06-62

Elektorn manzil
namangan@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

15

Қонунийлик мезони – ҳуқуқни қўллаш амалиёти мисолида.


Бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий, иқтисодий, сиёсий ва маънавий соҳалардаги ислоҳотларнинг мақсад-муддаоси марказида инсон ва унинг манфаатларига хизмат қилишдек эзгу ғоя ётади. Сиёсий тизим бўладими, иқтисодиётнинг турли тармоқлари бўладими ёки маънавият соҳаси бўладими буларнинг барчаси ислоҳотлар қамровида бўлиб, янги давр кишилари эса ўз бошидан турли синов ва янги тартиботларга мослашувдек муҳим жараённи ўтказмоқда.

Айниқса, бу борада эълон қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг ҳаётга тадбиқ этилиши ҳуқуқни қўллаш соҳасидаги кўплаб муаммоларни ечишига сабаб бўлмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 апрелдаги ПҚ-3666-сон Қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тўғрисида”ги Низомнинг ишлаб чиқилганлиги давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятида ҳуқуқни қўллаш амалиётини изчил ва бир хилда таъминлаш бўйича чораларни амалга оширишда муҳим қадам бўлди.

Чунки, ҳар қандай қонун устувор бўлган жамиятда ижтимоий, иқтисодий соҳалар давлат даражасига кўтарилади ва бунга ҳар жиҳатдан эътибор қаратилади. Фикримни янада аниқроқ қилиб айтадиган бўлсам, инсон туғилиши биланоқ юз берадиган ва бевосита тўқнаш келадиган масалалар бизнинг фаолиятимизни асоси ҳисобланади.

Шу ўринда фаолиятимиз мисолида соҳадаги ижобий ишларга тўхталиб ўтишни лозим деб ўйлайман. Масалан, Наманган вилоят адлия бошқармаси томонидан жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 7 та давлат органлари ва ташкилотларида ҳуқуқни қўллаш амалиёти ўрганилиб, жами 2840 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди.

Бошқарма томонидан аниқланган камчилик ва қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш ҳамда келгусида йўл қўймаслик мақсадида 17 та тақдимнома ва аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари бўйича айбдор мансабдор шахсларни маъмурий жавобгарликка тортиш бўйича ваколатли идораларга 12 та маъмурий таклифлар киритилди.

Бошқарма томонидан ҳуқуқни қўллаш амалиёти бўйича ўтказилган ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, давлат органлари ва ташкилотлари томонидан ўзининг фаолиятига доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга киритилаётган ўзгартиришлардан хабардор эмаслиги, шунингдек фаолиятини бевосита тартибга солувчи қонун ҳужжатларини қўллаш амалиёти бўйича етарли кўникмаларга эга бўлмаганлиги ва айрим давлат органлари ва ташкилотларида ҳуқуқни нотўғри қўллаш амалиёти шаклланганлиги сабабли жисмоний ва юридик шахсларни ҳуқуқ ва манфаатларини бузилишига сабаб бўлмоқда.

Масалан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг
245-моддасига Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 3 январдаги
ЎРҚ-456-сонли Қонуни билан ўзгартириш киритилган бўлиб, унга кўра тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш чоғида якка тартибдаги тадбиркорлар ва (ёки) уларнинг ходимлари, юридик шахс бўлган тадбиркорлик субъектларининг мансабдор шахслари ва (ёки) бошқа ходимлари томонидан содир этилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни ҳам маъмурий судлар кўриб чиқиши белгиланган бўлсада, Наманган вилоят ер ресурслари бошқармаси томонидан Чортоқ туманидаги “Чортоқ санаторияси” МЧЖ фаолиятида ўтказилган ўрганишда жамият директори ўринбосари томонидан МЖтКнинг 68-моддаси 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик содир этилганлиги аниқланиб, унга нисбатан энг кам ойлик иш ҳақининг 3 баравари миқдорида маъмурий жарима қўллаш тўғрисида қарор қабул қилинган.

Шунингдек, “Ўрмон тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 25-моддасида маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисида баённомалар тузиш, ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларни тегишли органларга олиб бориш, қонунга хилоф равишда қўлга киритилган ўрмон маҳсулотини ва уни қўлга киритиш воситаларини олиб қўйиш, ҳуқуқбузарликлар содир этган шахсларни интизомий, маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги материалларни тегишли органларга юбориш ўрмон қўриқчилиги мансабдор шахсларининг ваколатларидан бири сифатида белгиланган бўлсада, вилоят ўрмон хўжалиги бошқармаси ва унинг тизимидаги идоралар томонидан ўрмон фондига зарар етказган ва ҳуқуқбузарлик содир этган шахслар маъмурий жавобгарликка тортиш чоралари кўрилмаган.

Бу эса ўз навбатида аҳолининг ўрмон фонди ерларидан фойдаланиш бўйича тартиб-қоидаларни қасддан бузишига ва бу ҳуқуқбузарликлар доимий тус олишига сабаб бўлиб келмоқда.

Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда шуни айтишим мумкинки, давлат бошқаруви соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга қарамай айрим давлат органлари ва ташкилотлари томонидан ҳозирга қадар ҳуқуқни нотўғри қўллаш амалиёти мавжудлиги давлат органлари ва ташкилотлари юридик хизмат ходимлари томонидан ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ўтказиб борилишини ҳамда соҳага доир қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни доимий равишда давлат органи ва ташкилотлари ходимларига етказиб борилишини тақозо этмоқда.

Наманган вилоят адлия бошқармаси
бошлиғининг биринчи ўринбосари
У.Исматиллаев