Bog'lanish

Telefon
(+998 69) 227-06-62

Elektorn manzil
namangan@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

24

Қарорлар ижроси адлия органлари назоратида


Мамлакатимиз Конституциясида белгилаб қўйилганидек, мулкдор мулкига ўз хоҳишича эгалик қилади, ундан фойдаланади ва уни тасарруф этади. Мулкдан фойдаланиш экологик муҳитга зарар етказмаслиги, фуқаролар, юридик шахслар ва давлатнинг ҳуқуқларини ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаслиги шарт.

Олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 20 апрелдаги “Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қуватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида”ги ПФ–5421-сон Фармони ва мазкур Фармон ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 21 июндаги 461-сон Қарори қабул қилинди. Мазкур қарорга кўра, кўчмас мулкка нисбатан ҳуқуқни эътироф этиш ишларини ташкил этиш бўйича вилоят ва туман (шаҳар) ҳокимининг ўринбосарлари раислигида вилоят ҳамда туман (шаҳар) комиссиялари тасдиқланди.

Адлия органлари томонидан мазкур қорор ижроси бўйича ўтказилган таҳлиллар натижасига кўра, ҳозирги кунга қадар давлат хизматлари марказлари орқали туман (шаҳар) ҳокимининг номига ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқини олиш бўйича 99 603 та мурожаат келиб тушган.

Ушбу мурожаатлардан 2 738 таси ёки 30 фоизи юзасидан туман (шаҳар) ҳокимларининг қарорлари қабул қилиниб, мурожаатлар қаноатланитирилган, 14 986 таси ёки 15 фоизи рад этилган.

Наманган вилоят адлия бошқармасининг Ижтимоий-иқтисодий соҳада ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш бўлими ва туман (шаҳар) адлия бўлимлари томонидан ўзбошимчалик билан қурилган иморатларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш қонунийлигини ўрганиш жараёнида комиссия аъзолари томонидан хулоса беришда 5 380 та, комиссия ишчи органи (вилоят “Ермулккадастр” ДК ва унинг туман (шаҳар) филиаллари) томонидан ҳужжатларни расмийлаштиришда 2 457 та, туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан ҳужжатларни расмийлаштиришда 331 та, жами 8 168 та қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилганлиги аниқланди.

Ваҳоланки, қайд этилган фармон уй-жойга доир ҳуқуқларнинг амалга оширилиши ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун қулай
шарт-шароитларни яратиш, ер участкаларидан оқилона ва самарали фойдаланиш, шунингдек фуқароларга тегишли бўлган турар жойларни давлат рўйхатидан ўтказишда кўмаклашиш мақсадида қабул қилинган.

Шунга кўра, адлия органлари томонидан туман (шаҳар) ҳокимлиги ва комиссия аъзоларига нисбатан 74 та огоҳнома, 92 та тақдимнома, 46 та маъмурий таклиф киритилиб, айбдор шахсларни тегишли жавобгарликка тортилиши таъминланди.

Бундан ташқари, бошқарма раҳбарияти ва бўлим масъул ходимлари томонидан мунтазам равишда маҳаллий телевидение орқали қарорнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини аҳолига етказиш юзасидан чиқишлар ташкил этилди.

Жумладан, қарор қабул қилингандан буён ҳозирги кунга қадар
6 маротаба Наманган телевидениесининг “Юзма-юз” кўрсатувида бошқарма раҳабарияти ва бўлим масъул ходимлари томонидан жонли эфирда чиқишлар амалга оширилди.

Бундан ташқари, комиссия аъзолари фаолиятида ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш жараёнида аниқланган камчиликларни бартараф этиш, қарорни амалиётда қўллашда бир хилликни таъминлаш мақсадида
2018 йил 19 октябрь куни комиссия аъзолари иштирокида бошқарма мажлислар залида мастер-класс ўтказилди.

Ҳозирги кунда бошқарманинг Ижтимоий-иқтисодий соҳада ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш бўлими ҳамда туман (шаҳар) адлия бўлимлари томонидан 461-сонли қарор ижроси назоратга олиниб, комиссия фаолияти мунтазам равишда мувофиқлаштириб борилмоқда.

Шунингдек, туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан қарорлар қабул қилиниши таҳлил этилиб, тегишли йўл-йўриқ ва кўрсатмалар берилмоқда.

Гулнора ҚОСИМОВА
Наманган вилояти адлия бошқармаси

Ижтимоий-иқтисодий соҳада ҳуқуқни
қўллаш амалиётини ўрганиш бўлими катта маслаҳатчиси