Bog'lanish

Telefon
(+998 69) 227-06-62

Elektorn manzil
namangan@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

13

Энди дронлардан қўрқмаймиз!


Фан ва техниканинг ривожланиши натижасида кўплаб соҳаларда улкан ютуқларга эришилди. Турли хил соҳаларди янги ихтиролар қилинди.

Муваффақиятли ихтиролар туфайли нсонларнинг ўтмишдаги оғир меҳнат шароитлари енгиллашиб, эндиликда оғир меҳнатни техникалар ёрдамида осонлик ва тезлик билан бажарила бошланди. Бундан ташқари инсон зоти бажариши қийин бўлган ёки умуман бажара олмайдиган ишларни ҳам турли техникалар ёрдамида амалга ошириш имконияти яратилди.

Ана шундай ихтиролардан бири учувчисиз учувчи қурилмалар бўлиб, уларни кўпчиллик “дронлар” деб аташади. Дрон учувчисиз учиш қурилмаси бўлиб, ундан дастлаб ҳарбий мақсадларда фойдаланилган. Кейинчалик эса дронлардан бошқа мақсадларда ҳам фойдалана бошланди. Жумладан, иқлим шароитини кузатиш, архитектура лойиҳаларини шакллантириш, ёввойи табиатни кузатиш, инсон қадами етмаган тоғ чўққиларини тасвирга тушириш каби кўплаб мақсадларда дронлар кенг қўлланила бошланди.

Аммо асосий функцияси кузатиб тасвирга олиш бўлган мазкур дронлардан жамиятдаги айрим шахслар ўзларининг қонунга ва жамият манфаатларига зид бўлган мақсадларида ҳам фойдалана бошлашди. Хусусан, айрим кимсалар ўз қўни-қўшниларини ва бошқа танишларини яширинча кузатиш орқали уларнинг шахсий дахлсизликка бўлган ҳуқуқларини буза бошлашди. Америка Қўшма Штатлари, Англия каби айрим хорижий давлатларда номаълум шахслар томонидан учирилган дронлар қатъий қўриқланадиган давлат объектлари ва идораларини яширинча тасвирга олиш мақсадида учириб кўрилгани кўпчиликка маълум.

Кўриб турганимиздек ҳар қандай фойдали ихтиродан зарарли мақсадларда ҳам фойдаланилиши мумкин экан. Шунинг учун бундай ҳуқуқбузарликларни олдини олиш мақсадида қатъий ҳуқуқ нормалари ишлаб чиқилиши ва тадбиқ этилиши зарур.

Бизнинг мамлакатимизда дронлар билан боғлиқ муаммолар келиб чиқмаган бўлсада, олдиндан бундай ҳуқуқбузарликларга қарши чоралар кўриш зарурати туғилди. Бундан кўзланган ягона мақсад – ҳар бир фуқаронинг шахсий дахлсизлик ҳуқуқини, шунингдек, жамият ва давлат манфаатларини ишончли ҳимоя қилишдир.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 26 ноябрдаги қарорига асосан, 2015 йилнинг 1 январидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси ҳудудига ваколат берилган органлардан ташқари барча шахсларга, шунингдек ташкилот ва муассасаларга учувчисиз учиш қурилмаларини олиб кириш, фойдаланиш ва уларнинг савдоси билан шуғулланиш тақиқланган эди. Аммо шунга қарамай дронларни турли хил ноқонуний йўллар билан мамлакатимиз ҳудудига олиб кириш ва турли мақсадларда фойдаланиш ҳоллари кўпайди. Бу албатта давлат ва жамият манфаатларига хавф сола бошлади. Дронларни мамлакатимизга ноқонуний олиб кириш ва улардан мамлакатимиз ҳаво ҳудудида ноқонуний фойдаланишни бартараф этиш ва олдини олиш мақсадида қонунчиликка тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Хусусан, жорий йилнинг 2 май куни Президент томонидан имзоланган “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги ЎРҚ-534-сонли Қонун билан Жиноят кодексига учувчисиз учадиган аппаратларни қонунга хилоф равишда олиб кириш, ўтказиш, олиш, сақлаш ёки улардан фойдаланиш учун уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси киритилди. Шунингдек, учувчисиз учадиган аппаратларни сақлаш ва улардан фойдаланиш тартибини бузиш ҳам жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши белгилаб қўйилди.

Жавобгарликни кучайтирилиши, албатта, ҳуқуқбузарликларни камайишига олиб келади. Шундай экан, ғараз мақсадли кимсаларнинг дронлар ёрдамида шахсий дахлсизлигимизни бузишларидан ёки жамиятнинг умумий манфаатларига зид ишларни амалга оширишларидан энди қўрқмасак ҳам бўлади.

Наманган вилоят адлия бошқармаси бўлим
етакчи маслаҳатчиси Н.Хасанов