Bog'lanish

Telefon
(+998 69) 227-06-62

Elektorn manzil
namangan@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

10

ҚАБРИСТОНЛАРНИ ЯНАДА ОБОД ҚИЛИШ ЙЎЛИДАГИ МУҲИМ ҚАДАМ


ҚАБРИСТОНЛАРНИ ЯНАДА ОБОД ҚИЛИШ

ЙЎЛИДАГИ МУҲИМ ҚАДАМ

Ўтган давр мобайнида Президентимиз ва Ҳукуматимиз томонидан диний бағрикенгликни таъминлаш, диний урф-одатларни ҳурмат қилиш, айниқса муқаддас қадамжолар, зиёратгоҳлар, масжидлар ва қабристонларни янада обод қилиш борасида улкан ишлар амалга оширилмоқда.

Шунингдек, ушбу соҳадаги ишларни ривожлантириш ва фаолиятни тартибга солувчи қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш муҳим вазифалардан биридир.

Шу мақсадда, Наманган вилоят адлия бошқармасининг
Ижтимоий-иқтисодий соҳада ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш бўлими ҳамда туман (шаҳар) адлия бўлимлари томонидан туман (шаҳар) ҳокимликлари ва ободонлаштириш бошқармалари фаолиятида 2018 йил ва 2019 йилнинг ўтган даврида дафн этиш жойлари (қабристонлар)га ер ажратиш, сақлаш, фойдаланиш ва ободонлаштириш соҳасидаги ҳуқуқни қўллаш амалиёти ўрганиб чиқилди.

Мазкур ўрганишда Ўзбекистон Республикасининг 2010 йил
27 декабрдаги ЎРҚ-276-сон “Дафн этиш ва дафн иши тўғрисида”ги Қонуни, Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 4 апрелдаги 101-сон қарори билан тасдиқланган “Дафн этиш жойларини сақлаш, улардан фойдаланиш ва қабр усти ёдгорликларини ўрнатиш тартиби тўғрисида”ги ҳамда “Дафн этиш жойларини сақлаш ва ободонлаштиришга юридик ва жисмоний шахсларнинг хайр-эҳсонларидан фойдаланиш тартиби тўғрисида”ги низомлар, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 15 февралдаги 120-сон “Муқаддас қадамжолар, зиёратгоҳлар, масжидлар ва қабристонларни ободонлаштириш ишларини самарали ташкил этиш тўғрисида”ги Қарори ва “Туман (шаҳар) ободонлаштириш бошқармалари ходимларининг меъёрланган сонини белгилаш тўғрисида”ги Йўриқнома талабларига риоя этилиши ўрганилди.

Ўрганиш жараёнида амалга оширилган ишлар билан бир қаторда айрим тизимли камчилик ва қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилганлиги аниқланди.

Хусусан, туман (шаҳар) ҳокимликлари ва ободонлаштириш бошқармалари томонидан жами 1038 та қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилганлиги аниқланди.

1. Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 4 апрелдаги 101-сон карори билан тасдикланган “Дафн этиш жойларини сақлаш, улардан фойдаланиш ва қабр усти ёдгорликларини ўрнатиш тартиби тўғрисида”ги Низом талаблари бўйича.

Туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан қабристонлар атрофини ташкил этишда санитария-ҳимоялаш зонаси талабларига риоя қилинмаган.

Жумладан, Наманган шаҳридаги “Хурматхон ая”, “Ирвадон” қабристонлари аҳоли яшаш пункти, тадбиркорлик субъектларининг
бино-иншоотлари ва кўп қаватли турар-жойлар билан туташиб кетган.

Худди шундай ҳолат, Косонсой туманидаги 11 та, Мингбулоқ туманидаги 2 та, Наманган туманидаги 7 та, Норин туманидаги 7 та, Тўрақўрғон туманидаги 6 та, Уйчи туманидаги 10 та, Учқўрғон туманидаги 15 та, Чортоқ туманидаги 5 та, Чуст туманидаги 12 та ва Янгиқўрғон туманидаги 9 та қабристонларда ҳам такрорланган.

Ушбу қабристонларнинг аксарияти ХХ асрнинг 2-ярмида ташкил этилганлигини, Низомнинг 50-бандида янги қабристонларни аҳоли яшайдиган ҳудудлардан ташқарида, асосан аҳоли пунктидан четда, турар жойлар, жамоат бинолари ва дам олиш зонасидан анча нарида жойлаштириш кераклиги, ишлаб турган ва лойиҳалаштирилаётган қабристонларнинг санитария-ҳимоялаш зоналари ҳудудида бирор-бир турар жой ва жамоат биноларини қуриш тақиқланиши белгилаб қўйилганлигини ҳисобга оладиган бўлсак, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ўтган давр мобайнида якка тартибда уй-жой қуриш ва тадбиркорлик фаолиятини юритиш учун ер майдонлари ажратилишида қабристонларнинг
санитария-ҳимоялаш зоналарини ҳисобга олмаган ҳолда ер майдонлари ажратиб берилганлигини кўриш мумкин.

Шунингдек, Низомнинг 6-7-бандларида қабристонлар туман, шаҳар давлат ҳокимияти органларининг бевосита тасарруфида бўлиб, уларга қабристонларни зарур даражада сақлаш ва ободонлаштириш мажбурияти юкланиши, қабристонларни ободонлаштириш объектларини сақлаш ва улардан фойдаланиш, дафн этиш хизматлари кўрсатиш бўйича бевосита фаолият маҳаллий давлат ҳокимияти органлари таъсис этадиган шаҳар ва туман ободонлаштириш бошқармалари (фуқаролик хизмати кўрсатиш бошқармалари) томонидан амалга оширилиши, ҳар бир қабристон қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланган меъёрлар бўйича тегишли ходимларга эга бўлиши кераклиги белгилаб қўйилган.

Бироқ, ўрганиш жараёнида аниқланишича барча туман (шаҳар) ободонлаштириш бошқармаларида белгиланган меъёрлардан келиб чиққан ҳолда етарли ходимлар ташкил этилмаган ҳамда мазкур штатлар сони “Туман (шаҳар) ободонлаштириш бошқармалари ходимларининг меъёрланган сонини белгилаш тўғрисида”ги Йўринома (рўйхат рақами 1989, 2009 йил 29 июль)нинг 5-иловаси талабларига мувофиқлаштирилмаган.

Хусусан, Уйчи туманида фаолият кўрсатувчи жами 55 та қабристонлар мавжуд бўлиб, туман ободонлаштириш бошқармасининг тасдиқланган штатлар жадвалида жами 84 та ходим (18 та назоратчи, 11 та ҳудудларни қўл билан тозаловчи, 55 та қоровул) назарда тутилган.

Ваҳоланки, юқоридаги Йўриқноманинг 5-иловасида қабристон назоратчиси қабристонда 1 та бирлик, қабристон қоровули қабристонда 3 та бирлик (ишнинг сменалилигидан келиб чиққан ҳолда) ва дафн маросими хизматлари ишчиси бир кунда 3 та кўмиш маросими ўтказишда 1 та бирлик этиб белгиланган.

Шунга кўра, Уйчи туманидаги 55 та қабристонларда Йўриқнома талабидан келиб чиққан ҳолда 55 та назоратчи, 165 та қорувул
штат-бирликлари ташкил этилиши лозим эди.

Бундан ташқари, қабристонларни ободонлаштириш, мукаммал ва жорий таъмирлаш, уларни зарур даражада сақлаш мақсадида туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан гўр қазиш ва маросим хизматлари бўйича аҳолига пулли хизматлар кўрсатиш тарифларини белгилашда турлича амалиёт шаклланган.

Жумладан, туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан мазкур тарифлар турли йилларда, шаклларда ҳамда миқдорларда тасдиқланган:

Туман (шаҳар)

Тариф белгиланган ҳужжат шакли

Тариф (қабр ковлаш) суммаси

Катталарга

Болаларга

1

Косонсой

Туман ҳокимининг 1-ўринбосари томонидан 2015 йил

4 декабрда тасдиқланган Калькуляция

65 120 сўм

32 560 сўм

2

Мингбулоқ

Туман ҳокимининг 2011 йил

16 апрелдаги 194-сонли қарори

ЭКОИҲнинг 50 %

25 %

3

Наманган тумани

Туман ҳокимининг 2011 йил

12 августдаги 524-сонли қарори

ЭКОИҲнинг 50 %

25 %

4

Наманган шаҳар

Шаҳар ҳокимининг 1-ўринбосари томонидан 2019 йил январда тасдиқланган Калькуляция

112 000 сўм

56 000 сўм

(9 ёшгача)

5

Норин

Туман ҳокимининг 2012 йил

15 августдаги 452-сонли қарори ва туман ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи томонидан 2018 йил 5 ноябрь куни тасдиқланган Далолатнома

ЭКОИҲнинг 50 % + 15 000 сўм (бетон устунча ўрнатиш, қурилиш материаллари ва хизмат ҳақи)

33 %

(16 ёшдан кичиклар учун)

+ 15 000 сўм (бетон устунча ўрнатиш, қурилиш материаллари ва хизмат ҳақи)

6

Поп

Туман ҳокимининг 2011 йил

24 сентябрдаги 1248-сонли қарори

ЭКОИҲнинг 30 %

15 %

7

Тўрақўрғон

Туман ҳокимининг 1-ўринбосари томонидан 2018 йил 10 январда тасдиқланган 1-сонли йиғилиш баёни

ЭКОИҲнинг 50 %

(9 ёшдан катталар)

25 %

(1 ёшдан

9 ёшгача),

1 ёшгача бепул

8

Уйчи

Туман ҳокимининг 2014 йил

26 августдаги 743-сонли қарори

ЭКОИҲнинг 35 %

(16 ёшдан юқори)

17,5 %

(16 ёшгача)

9

Учқўрғон

Туман ҳокимининг 2012 йил

16 октябрдаги 715-сонли қарори

ЭКОИҲнинг 35 %

17,5 %

10

Чортоқ

Туман ҳокими томонидан

2018 йил 30 ноябрда тасдиқланган Калькуляция

ЭКОИҲнинг 30 %

(9 ёшдан катталар)

15 %

(9 ёшдан кичиклар)

11

Чуст

Туман ҳокимининг 2011 йил

6 октябрдаги 871-сонли қарори

ЭКОИҲнинг 30 %

15 %

12

Янгиқўрғон

Туман ҳокимининг 2012 йил

6 июндаги 488-сонли қарори

52 140 сўм

52 140 сўм

Юқоридагилардан кўриниб турибдики, гўр қазиш ва маросим хизматлари учун тарифларни белгилаб берувчи ёки мазкур тарифларни белгилашда асос бўлиб хизмат қилувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг мавжуд эмаслиги натижасида жойларда мазкур хизматлар учун фуқаролардан турлича миқдорда пул маблағлари ундириб келинмоқда.

Шунингдек, пулли хизматлар бўйича тарифларни белгилашда туман (шаҳар) ҳокимликлари ва ободонлаштириш бошқармалари томонидан катта ёшдаги фуқаролар ва кичик ёшдаги болалар орасидаги нисбатлар ҳам турлича белгиланган.

Масалан, Наманган шаҳар, Тўрақўрғон, Чортоқ туманларида кичик ёшдагилар сифатида 9 ёшгача бўлганлар, Норин ва Уйчи туманларида эса
16 ёшгача бўлганлар назарда тутилган.

Маълумот сифатида шуни таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 7 январдаги ЎРҚ-139-сон “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунининг 3-моддасига асосан, ўн саккиз ёшга тўлгунга (вояга етгунга) қадар бўлган шахс (шахслар) бола (болалар) ҳисобланиши белгиланган.

Бундан ташқари, пулли хизматлар тарифларини белгилаш бўйича қабул қилинган қарорлар ёки Калькуляциялар тегишли равишда молия органлари билан келишилмаган ҳамда адлия органларидан ҳуқуқий экспертизадан ўтказилмаган.

Шунингдек, қабристонлар ҳудудини ташкил этиш ва сақлашда Низом талабларига риоя қилинмаган.

Хусусан, Уйчи туманидаги “Қўшчинор”, “Бештом” ва “Иттифоқ” қабристонлари танлов асосида ўрганилганда қабристон ҳудуди ободонлаштирилмаганлиги, қабристоннинг схематик тархи, иш жадвали (зиёрат қилиш қоидалари), манзиллари ва алоқа боғлаш телефонлари кўрсатилган ҳолда туман ободонлаштириш бошқармаси, қабристон маъмурияти тўғрисидаги маълумотлар йўқлиги аниқланди.

Худди шундай ҳолат Косонсой туманидаги 3 та, Мингбулоқ туманидаги 2 та, Наманган туманидаги 3 та, Наманган шаҳридаги 4 та, Норин туманидаги 7 та, Тўрақўрғон туманидаги 8 та, Учқўрғон туманидаги 4 та, Чортоқ туманидаги 6 та ва Чуст туманидаги 3 та қабристонларда ҳам такрорланган.

Ваҳоланки, Низомнинг 9-бандида қабристоннинг асосий кириш жойида маъмурий ва бошқа бинолар, йўллар, хиёбонлар, тарихий ва мемориал қабрлар, жамоат ҳожатхоналари ва бошқа объектларнинг жойлашиши белгиланган ҳолда қабристоннинг схематик тархи, қабристоннинг иш жадвали (зиёрат қилиш қоидалари) ва бошқа йўл-йўриқ ҳужжатлари қўйилган тахта, манзиллари ва алоқа боғлаш телефонлари кўрсатилган ҳолда шаҳар (шаҳар) ободонлаштириш бошқармаси (фуқаролик хизмати кўрсатиш бошқармаси), қабристон маъмурияти тўғрисидаги маълумотлар бўлиши кераклиги белгиланган.

Шунингдек, ўрганиш жараёнида Наманган шаҳридаги “Ўн бир Ахмад” қабристонида узум, “Ирвадон” қабристонида анжир, “Хурматхон ая” қабристонида ўрик, бодом, ёнғоқ, беда қулупнай, Тўрақўрғон туманидаги “Яндама қишлоқ мангулик қабристони”, “Лангарбобо”, “Бойпалас бува”, “Кичик қўрғонча”, “Ўрмонзор” ва “Теракли” қабристонларида бодом, олма, анор, ўрик каби мевали дарахтлар ва экинлар экилганлиги, Уйчи туманидаги “Ясситепа”, “Мадрахим ота”, “Бештом”, “Иттифоқ”, Учқўрғое туманидаги “Хўжа Саид”, “Биродарлик”, “Хожимухаммад эшон” қабристонларида кунгабоқар, маккажўхори, қартошка, ловия, Чортоқ туманидаги “Сарқачон”, “Мангули”, “Саркор ота”, “Ҳокимуборак”, “Толмозор”, “Қорахонбува”, “Михчали”, “Султон Саид” қабристонларида қартошка, бодом, беда, маккажўхори, ёнғоқ, ўрик каби мевали дарахтлар ва қишлоқ хўжалиги экинлари етиштирилаётганлиги аниқланди.

Ваҳоланки, Низомнинг 11-бандига асосан, қабристон ҳудудида жамоат тартиби ва сокинликни бузиш, маст-аласт, гиёҳвандлик ва бошқа хил кайфлар ҳолатида бўлиш, қабр усти ёдгорликларига ва яшил ўсимликларга шикаст етказиш, шунингдек қуруқ ўт, барг, шох-шабба ва дарахтларнинг шохчаларини ёқиш, мол ва бошқа уй ҳайвонларини боқиш, мевали кўчатлар ўтқазиш, қишлоқ хўжалиги экинлари ўстириш тақиқланган.

Қабрларни сақлаш ва қабр усти ёдгорликларини ўрнатиш қоидаларига риоя этилмаган.

Жумладан, Низомнинг 26-бандига асосан, қабр атрофида металлдан ясалган ва бошқа тўсиқларни ўрнатиш (ўсимликлардан иборат яшил тўсиқлардан ташқари), қўшни қабрларнинг ҳудудларини ва бўш ер участкаларини эгаллаб оладиган қабр усти ёдгорликларини барпо этиш тақиқланган, шунингдек 29-бандида қабр усти ёдгорликларининг ўлчамлари ва жойлаштирилиши, шунингдек дарахт ва буталар ўтқазиш олдиндан қабристон маъмурияти билан келишилиши белгиланган бўлсада, танлов асосида ўрганилган Наманган шаҳридаги “Ўн бир “Ахмад”, “Ирвадон”, “Мангулик” қабристонларида кўплаб қабрлар атрофи темир панжаралар билан ўраб олиниб, қўшни қабрлар ерларини ва бўш ер майдонларини эгаллаб олувчи қурилмалар ўрнатилганлиги аниқланди.

Худди шундай ҳолат, туманлардаги барча қабристонларда ҳам такрорланган.

Бироқ, ушбу ҳолатларда металл тўсиқлар ва бошқа қурилмаларни ўрнатиш бўйича фуқароларга нисбатан жавобгарлик чоралари йўқлиги сабабли, уларни олдириб ташлашда қабристон маъмурияти ва фуқаролар ўртасида зиддиятли муносабатлар юзага келмоқда.

Бундан ташқари, қабристон маъмурияти томонидан марҳумларни дафн этишда ҳам Низом талабларига риоя этилмаган.

Жумладан, Низомнинг 35-моддасида марҳумни дафн этиш эр (хотин), ота-она, фарзандлар ва бошқа қариндошлар ёки марҳумнинг қонуний вакили, бундай шахслар бўлмаса — зиммасига дафнни амалга ошириш мажбуриятини олган бошқа шахснинг аризасига кўра амалга оширилиши белгиланган бўлсада, вилоятдаги барча қабристонларда бундай ариза олиш амалиёти мавжуд эмас.

Шунингдек, қабристонлар маъмурияти томонидан дафн этишларни рўйхатдан ўтказиш дафтарларини юритишда Низом талабларига риоя қилинмаган.

Хусусан, Мангулик” қабристонидаги дафн этишларни рўйхатга олиш китобида марҳум фуқаролар М.Валиева ва И.Инамовларнинг вафоти тўғрисидаги ҳужжатлар устуни тўлдирилмаган, “Елхон” қабристонидаги китобда марҳум Н.Замбетованинг қабр маълумотлари, вафоти сабаблари ва марҳумнинг яқини, дафн ишига масъул шахс тўғрисидаги маълмуотлар, Косонсой туманидаги барча қабристонлардаги дафтарларда эса, қабрнинг сектори, участкаси ва қатори, ўлим тўғрисидаги ҳужжатнинг санаси ва ким томонидан берилганлиги устунлари умуман киритилмаган.

Худди шундай ҳолатлар вилоятдаги барча қабристонларда ҳам такрорланган.

Ваҳоланки, Низомнинг 37-бандида ҳар бир дафн этиш қабристон маъмурияти томонидан дафн этишларни рўйхатдан ўтказиш дафтарида рўйхатдан ўтказилиб, унда дафн этиш йили, ойи, куни, қабрнинг сектори, участкаси, қатори ва рақами, фамилия, исми-шариф, манзили, туғилган йил, ой ва кун, ўлим сабаби ва унинг йил, ой ва куни, ўлим тўғрисидаги ҳужжатнинг санаси ва ким томонидан берилганлиги, марҳумнинг қариндошлари ёки қонуний вакилининг, агар бундай шахслар бўлмаса — зиммасига дафн этиш мажбуриятини олган бошқа шахснинг фамилияси, исми-шарифи, манзили кўрсатилиши белгиланган.

Бундан ташқари, қабристонлар ҳудудини ташкил этишда ҳам қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилмаган.

Жумладан, танлов асосида ўрганилган Наманган шаҳридаги “Ишонч” (аҳоли сони 8809 та), “Истиқбол” (аҳоли сони 7180 та) ва “Келажак тонги” (аҳоли сони 5476 та) МФЙлари аҳолисига хизмат кўрсатувчи “Қизил кўприк” қабристонининг умумий ер майдони 3,74 га. бўлиб, Низом талабидан келиб чиққан ҳолда қабристон учун етарли ер майдони ташкил этилмаган.

Ваҳоланки, Низомнинг 55-бандида қабристон учун ажратиладиган ер участкаси майдони мазкур қабристон хизмат кўрсатиладиган ҳар 1000 киши ҳисобига 0,24 гектарли меъёрдан келиб чиқиб, шаҳарсозлик меъёрлари ва қоидаларига мувофиқ белгиланиши кўрсатилган (мазкур талабдан келиб чиқадиган бўлса, “Қизилкўприк” қабристонининг ер майдони 5,16 га.ни ташкил этиши лозим бўлади).

Шунингдек, Низомнинг 57-бандида қабристон дафн этишлар зонасининг бутун ҳудуди ўзаро йўллар ёки хиёбонларга ажратилган муайян миқдордаги секторлар, участкаларга бўлиниши кераклиги, 200 тадан
500 тагача қабр жойлаштириладиган секторларнинг тахминий ўлчамлари
30 х 30, 30 х 40, 40 х 40, 40 х 60 метрни ташкил этиши мумкинлиги, Секторни ўраган йўллар периметри бўйлаб дарахтлар ва ўсимликларнинг дарахт ёки бута хилларидан яшил тўсиқлар барпо этилиши кераклиги, бундай тўсиқлар оралиғида аэрация шароитини яхшилаш, тобутни дафн этиш жойигача қўлда кўтариб олиб бориш, шунингдек ўтиш, қабр усти ёдгорликларини бунёд этиш, ҳудудни тозалаш ва қабрларга қараш учун очиқ жойлар бўлиши кераклиги белгиланган.

Бироқ, Норин туманидаги 24 та қабристонларда аҳолига қулайлик яратиш мақсадида қабристонлар дафн этиш ҳудудлари муайян миқдордаги секторлар ва участкаларга ажратилмаган ҳамда 15 та қабристонларда кириш жойи (эшиги), бош хиёбонлар ва асосий йўллар ёритилмаган.

Ваҳоланки, Низомнинг 82-бандида Низомнинг 82-бандида қабристон ҳудуди мажбурий тартибда электр билан таъминланиши кераклиги, қабристонларда кириш жойи (эшиги), бош хиёбонлар ва асосий йўллар ёритилиши лозимлиги, ёритиш фонарлари устунлари хиёбон ёки йўлнинг бир томонида, унинг четидан бошлаб 1,0 — 1,5 метр масофада ўрнатилиши кераклиги, ҳаво электр линияси устунлари ёки фонарлар ўртасидаги масофа 40 - 50 метр бўлиши зарурлиги белгиланган.

Худди шундай ҳолатлар вилоятдаги барча қабристонларда такрорланган.

Бундан ташқари, Низомнинг 70-бандида қабристоннинг бутун ҳудуди ўралган бўлиши кераклиги, қабристонлар, одатда, сероб маҳаллий материаллардан (йиғма темир-бетон, ғишт, шлакоблок, арраланган ва бўлакланган тошлар, пахса ва бошқалардан) тикланган, баландлиги
2 метрдан паст бўлмаган, мустаҳкам тўсиққа (деворга) эга бўлиши лозимлиги белгиланган бўлсада, Уйчи туманидаги “Бештом” ва “Гулистон” қабристонларининг ҳудуди белгиланган тартибда девор билан ўралмаган, балки темир панжаралар билан тўсиб қўйилган.

Худди шундай ҳолат, Мингбулоқ туманидаги 2 та, Наманган туманидаги 3 та, Норин туманидаги 21 та, Тўрақўрғон туманидаги 10 та, Учқўрғон туманидаги 4 та, Чортоқ туманидаги 32 та, Чуст туманидаги 2 та, Янгиқўрғон туманидаги 16 та қабристонларда такрорланган.

Шунингдек, Низомнинг 79-бандида барча қабристонлар телефон алоқасига эга бўлиши зарурлиги белгиланган бўлсада, вилоятдаги қабристонларда телефон алоқалари мавжуд эмаслиги аниқланди.

Бундан ташқари, вилоятда жами 742 та қабристонлар мавжуд бўлиб, жами 2180, 95 га. ер майдонида жойлашган. Шундан 637 таси фаолиятдаги ва 105 таси фаолиятини тўхтатган (ёпилган) қабристонлар ҳисобланади.

Бироқ, юқоридаги ўз фаолиятини тўхтатган (ёпилган), яъни марҳумларни дафн этиш амалга оширилмаётган (тўлган) қабристонларни ёпиш тўғрисида туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан тегишли қарорлар қабул қилинмаган ва жамоатчилик эътиборига етказилмаган.

Ваҳоланки, Низомнинг 19-бандида агар муайян аҳоли пунктида тегишли диний конфессиянинг ишлаб турган бошқа қабристони бўлмаса, қабристонни ёпиш, белгиланган тартибда янги қабристон учун янги ер участкаси ажратилганидан кейин, туман (шаҳар) ҳокимининг қарори билан амалга оширилиши, ёпилган қабристонларга дафн этиш, шу жумладан эски қабрга дафн этиш тақиқланиши, қабристонни ёпиш тўғрисидаги қарор мажбурий тартибда аҳоли пункти аҳолисининг эътиборига, шу жумладан оммавий ахборот воситалари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари орқали дарҳол етказилиши кераклиги белгиланган.

Шунингдек, ўрганиш жараёнида жами 16 та қабристонларнинг (Мингбулоқ туманида 4 та, Поп туманида 7 та, Тўрақўрғон туманида 1 та, Учқўрғон туманида 4 та) кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилмаганлиги, Норин туманидаги барча қабристонларда эса, туман ҳокимининг 2011 йил
9 июлдаги “Туман ҳудудидаги инвентаризациядан ўтказилган қабристонларни туман коммунал ободонлаштириш бошқармаси балансига ўтказиш тўғрисида”ги 310-сонли қарорида кўрсатилган ер майдонлари кадастр ҳужжатларида кўрсатилган мавжуд ер майдонларига мувофиқ эмаслиги аниқланди.

Бундан ташқари, жами 7 та қабристонларда (Поп туманида 2 та, Тўрақўрғон туманида 1 та. Учқўрғон туманида 4 та) эҳсон қутилари, жами 138 та қабристонларда (Косонсой туманида 5 та, Наманган туманида 2 та, Норин туманида 5 та, Поп туманида 9 та, Тўрақўрғон туманида 2 та, Уйчи туманида 9 та, Учқўрғон туманида 53 та, Чортоқ туманида 17 та, Чуст туманида 30 та, Янгиқўрғон туманида 6 та) маъмурий бинолар ташкил қилинмаганлиги, жами 136 та қабристонларнинг (Косонсой туманида 7 та, Мингбулоқ туманида 2 та, Наманган туманида 1 та, Наманган шаҳрида 5 та, Норин туманида 21 та, Поп туманида 5 та, Тўрақўрғон туманида 8 та, Уйчи туманида 43 та, Учқўрғон туманида 4 та, Чортоқ туманида 32 та, Чуст туманида 3 та, Янгиқўрғон туманида 5 та) атрофи Низомда белгиланган тартибда девор билан ўралмаганлиги аниқланди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг 2010 йил 27 декабрдаги ЎРҚ-276-сон “Дафн этиш ва дафн иши тўғрисида”ги Қонунининг
15-моддасида дафн этиш жойларида ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатиш экологик нормаларга, санитария нормалари ва қоидаларига, шунингдек дафн этиш жойларини сақлашнинг маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан белгиланадиган қоидаларига мувофиқ амалга оширилиши белгиланган бўлсада, туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан мазкур қоидалар ишлаб чиқилмаган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 4 апрелдаги 101-сон карори билан тасдикланган “Дафн этиш жойларини сақлаш ва ободонлаштиришга юридик ва жисмоний шахсларнинг хайр-эҳсонларидан фойдаланиш тартиби тўғрисида”ги Низом талаблари бўйича.

Ўрганиш жараёнида хайр-эҳсонларни амалга ошириш билан боғлиқ ташкилий масалаларни ҳал этишда туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан Низом талабларига риоя этилмаган.

Жумладан, Низомнинг 7-бандида хайр-эҳсонларни амалга ошириш билан боғлиқ ташкилий масалаларни ҳал этиш учун туман (шаҳар) ҳокимлигининг қарори билан Бошқарма вакили (бухгалтер), қабристон назоратчиси, ҳудудида қабристон жойлашган фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи (маҳалла қўмитаси) вакилидан иборат таркибдаги комиссия ташкил этилиши белгиланган бўлсада, Наманган туманидан ташқари бошқа барча туман (шаҳар)ларда туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан хайр-эҳсонларни амалга ошириш билан боғлиқ ташкилий масалалар ҳал этиш бўйича қарорлар қабул қилинмаган ҳамда комиссия таркиблари ободонлаштириш бошқармаларининг ички буйруқлари билан тасдиқланган.

Шунингдек, юқоридаги барча туман (шаҳар)ларда хайр-эҳсонларни амалга ошириш билан боғлиқ ташкилий масалаларни ҳал этиш комиссияларининг таркибига ҳудудида қабристон жойлашган фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари вакиллари киритилмаган.

Бундан ташқари, вилоятдаги барча қабристонларда ихтиёрий
хайр-эҳсонларни рўйхатдан ўтказиш дафтарлари Низом билан тасдиқланган шакл асосида юритилмаган ва тегишли устунлар киритилмаган.

Масалан, Наманган шаҳридаги барча қабристонларда ихтиёрий
хайр-эҳсонларни рўйхатдан ўтказиш дафтарларида масъул шахснинг
исм-фамилияси, эҳсон қутиси очилган сана ва сумма устунлари киритилган холос.

Ваҳоланки, Низомнинг 12-бандида барча хайр-эҳсонлар мажбурий тартибда назоратчи томонидан ихтиёрий хайр-эҳсонларни рўйхатдан ўтказиш дафтарида рўйхатдан ўтказилиши, мазкур дафтар ушбу Низомга иловага мувофиқ шакл бўйича юритилиши, 15-бандида хайр-эҳсонлар ҳисобини тўғри юритиш ва ихтиёрий хайр-эҳсонларни рўйхатдан ўтказиш дафтарининг бут сақланиши учун жавобгарлик қабристон назоратчиси ва комиссиянинг масъул аъзоси — Бошқарма ходими зиммасига юкланиши белгиланган.

Шунингдек, Низомнинг 21-бандида Комиссия ҳар ойда
хайр-эҳсонларнинг келиб тушиши ҳамда улардан турлари бўйича мақсадли фойдаланилиши тўғрисида ҳисобот тузиши ва уни Бошқармага тақдим этиши белгиланган бўлсада, вилоятдаги барча ҳудудлардаги қабристонларда ҳисобот тузиш амалиёти мавжуд эмас. Келиб тушган хайр-эҳсонлар бўйича маълумотлар комиссия аъзолари томонидан бошқармага тузилган далолатномаларни тақдим этиш орқали юритиб келинган.

Юқоридагиларга асосан, туман (шаҳар) ҳокимликлари ва ободонлаштириш бошқармаларида ўтказилган ўрганишлар якуни бўйича аниқланган камчилик ва қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш ҳамда келгусида йўл қўймаслик мақсадида туман (шаҳар) ободонлаштириш бошқармаларига 12 тақдимнома, туман (шаҳар) ҳокимликларига ўрганиш натижаси юзасидан таҳлилий маълумотлар киритилиб, ўрганиш жараёнида аниқланган қонунбузилиши ҳолатлари юзасидан айбдор мансабдор шахсларни маъмурий жавобгарликка тортиш чоралари кўрилмоқда.

Абдурахим МУСАШАЙХОВ
Азизбек ЁДГАРОВ
Гулнора ҚОСИМОВА

Наманган вилоят адлия бошқармасининг
Ижтимоий-иқтисодий соҳада ҳуқуқни қўллаш
амалиётини ўрганиш бўлими масъул ходимлари