Боғланиш

Телефон
(+998 69) 227-06-62

Электрон манзил
namangan@adliya.uz

Ҳабарни юбориш
Ишонч телефони 1008

Янгиликлар

23

Адвокатуранинг долзарб вазифалари: миллий ва хорижий тажриба


Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Адвокатлар палатаси томонидан Германиянинг халқаро ҳуқуқий ҳамкорлик жамғармаси (IRZ) вакиллари иштирокида Самарқанд шаҳрида “Адвокатуранинг долзарб вазифалари: миллий ва хорижий тажриба” мавзусида халқаро анжуман ўтказилди.DSC02083.JPG

Икки кунлик конференция дастури доирасида суд-ҳуқуқ соҳасининг ажралмас қисми бўлмиш адвокатура институтини янада такомиллаштириш, унинг таркибини малакали, бой ҳаётий тажрибага эга бўлган вакиллар ҳисобига тўлдириш, ушбу тузилманинг инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишдаги аҳамиятини янада кучайтириш, чинакам мустақиллигини таъминлаш мақсадида Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар таҳлил қилинди. Бу йўналишда Германия тажрибаси ҳақида атрофлича сўз юритилди.

Жамиятимизнинг барча жабҳаларида олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар замирида инсон ҳуқуқ ва эркинликларига бўлган эътибор, унинг шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш, инсон ҳуқуқларини энг олий қадрият сифатида улуғлашдек, эзгу ғоя сингдирилган. Шундай экан, бу жараёнда адвокатларнинг фаол иштироки алоҳида аҳамият касб этади, десак хато бўлмайди,- дея таъкидланди анжуманда.

Сир эмас, собиқ Иттифоқ даврида адвокатурани ривожлантиришга етарли эътибор қаратилмаган эди. Бу ҳолатни унинг ҳуқуқий мақомини белгиловчи норматив ҳужжат сифатида фақатгина, “Адвокатура тўғрисида”ги Низом мавжуд бўлганлигидан ҳам кўришимиз мумкин.

Истиқлол йилларида жамият ҳаётининг бошқа тармоқлари қатори адвокатура институтини ҳам тубдан ислоҳ қилиниши соҳа тараққиётининг бош мақсадига айланди. Даставвал унинг ҳуқуқий асоси мустаҳкамланди.“Адвокатура тўғрисида”ги ва “Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларининг қабул қилиниши билан ушбу касб эгаларининг ҳуқуқий ҳимояси янада кучайтирилди. Шу ўринда анжуман қатнашчиларининг эътибори суд-ҳуқуқ ислоҳотлари доирасида қабул қилинган “Жиноий жазоларнинг либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодекслари ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонунларга қаратилди. Ушбу ҳужжатлар инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг янги даврини бошлаб бергани эътироф этилди.

Президентимизнинг 2008 йил 1 майдаги “Ўзбекистон Республикасида адвокатура институтини янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони эса соҳа ривожида туб бурилиш ясади.

Унда фуқароларнинг тергов ва суд ишини юритишнинг ҳар қандай босқичида малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқини мустаҳкамлайдиган конституциявий нормани амалга ошириш, адвокатуранинг ташкилий мустақиллигини таъминлаш, уни юқори малакали кадрлар билан тўлдириш, адвокатларнинг мустақиллиги кафолатларини кучайтириш, ушбу касбнинг обрўси ва нуфузини ошириш мақсадлари ўз аксини топди.

Фармон талабларидан келиб чиқиб Ўзбекистон адвокатлар палатаси, жойларда унинг ҳудудий бошқармалари ташкил этилди. Ҳозирда 1300дан ортиқ адвокатлик тузилмаларида 3800 га яқин соҳа мутахассислари тегишли лицензия асосида фаолият юритмоқдалар.

DSC02083.JPGАдвокатлар томонидан аҳолига ҳуқуқий ёрдам кўрсатишда ижтимоий ҳимоя масалаларига алоҳида эътибор қаратилаяпти. Бу жараёнда кўрсатилган ҳуқуқий хизмат давлат томонидан молиялаштирилмокда.

Мазкур йўналишдаги ислоҳотлар изчиллик билан давом эттирилаётган бўлиб, ҳозирги кунда Адлия вазирлиги ва Адвокатлар палатаси томонидан соҳа мутахассисларининг билим ва малакасини изчил ошира бориш, ривожланган демократик давлатларнинг бу йўналишдаги илғор тажрибасини қиёсий таҳлил орқали ўрганиш масалаларига ҳам жиддий аҳамият қаратилмоқда.

Халқаро анжуманда мамлакатимиз суд ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар, хусусан адвокатуранинг тараққиёти бўйича амалга оширилаётган чора тадбирлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Ўз навбатида хориж экспертлари Германияда адвокатлик фаолиятининг асослари, унинг ривожланишида Федераль юстиция вазирлигининг роли, соҳага мутахассисларни тайёрлаш масалалари юзасидан маърузалар қилдилар. Адвокатуранинг ўзини ўзи бошқариш бўйича тажрибаси билан ўртоқлашдилар. Мулоқотларда чет эллик меҳмонлар Ўзбекистон Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар малакасини ошириш марказида соҳа вакилларини қайта ўқитиш тизимига катта қизиқиш билдирдилар.

Анжуман доирасида қатнашчилар Самарқанд шаҳридаги адвокатлик тузилмаларига ташриф буюриб, уларнинг фаолияти билан яқиндан танишдилар, ҳар иккала давлат мутахассислари иштирокида “маҳорат дарслари” ҳам ўтказилди.