Bog'lanish

Telefon
(+998 69) 227-06-62

Elektorn manzil
namangan@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

19

Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш – бизнинг асосий вазифамиз


Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг ташаббуси билан Наманган вилоят Адлия бошқармаси томонидан “27 июнь – Оммавий ахборот воситалари ходимлари куни”га бағишлаб, Наманган шаҳридаги Олимпия заҳиралари спорт коллежининг катта мажлислар залида вилоятда фаолият кўрсатиб келаётган марказий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг ахборот хизмати раҳбари, вазирнинг матбуот котиби Тўраев Тўрабек Эргашевич иштирок этди.

Шунингдек, анжуманда вилоят адлия бошқармаси, ФҲДЁ ва нотариал идоралар ходимлари, Суд департаменти тизими масъул ходимлари, Адвокатлар палатаси адвокатлари ва Оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.

Маълумки, Адлия идораларининг асосий вазифаларидан бири жамият аъзоларининг ҳуқуқий маданиятини янада юксалтиришдан иборатдир. Ушбу йўналишдаги ишларни олиб боришда эса ОАВнинг ўрни ва аҳамияти жуда муҳимдир.

Тадбирда таъкидланганидек, жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлигини янада ошириш, айниқса, ёшларнинг конституциявий билимларини мустаҳкамлаш, фуқаролар ва тадбиркорларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш юзасидан вазирлик томонидан аниқ чора-тадбирлар белгиланиб, ҳуқуқий тарғибот тадбирлари тизимли равишда ташкил этилмоқда.

Рақамларга мурожаат этадиган бўлсак, ўтган 2009 йилда адлия бошқармаси ва унинг тизимига кирувчи идоралар томонидан 2543 маротаба, жорий йилнинг I чораги давомида эса 980 маротаба ҳуқуқий тарғибот ишлари амалга оширилган бўлиб, улардан 137 таси телевидениеда, 230 таси радио ҳамда 263 таси газета орқали амалга оширилган.

Таъкидланганидек, айнан ОАВ ходимларининг ёрдами билан, адлия бошқармаси фаолиятини, хусусан, инсон ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш, тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шартномавий муносабатларни тартибга солиш йўналишлари бўйича ёритилаётган материалларнинг сифат ва мазмундорлиги бирмунча яхшиланган.

Матбуот анжуманида ўтган давр мобайнида Адлия бошқармаси ва унинг тизимига кирувчи идоралар масъул ходимлари томонидан тайёрланаётган материалларнинг сифат ва мазмундорлигини янада ошириш лозимлиги алоҳида таъкидланиб, ФҲДЁ ва Нотариал идоралар ходимларининг чиқишларини такомиллаштириш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.

Қолаверса, сўнгги уч йил давомида Адлия вазирлиги томонидан ўтказилаётган “Адлия идоралари ОАВ нигоҳида” республика кўрик-танлови адлия идоралари ва ОАВлари ходимлари ҳамкорлигини ривожлантириш ҳамда материалларнинг сифат ва мазмундорлигини оширишга ёрдам бермоқда.

Шунингдек, тадбирда Адлия бошқармаси томонидан бундан буён ҳам тарғибот тадбирларини ташкил этишда ОАВнинг барча кўринишларидан унумли фойдаланилиши айтиб ўтилиб, бу борада кўрсатма ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Тадбир сўнгида “27 июнь – Матбуот ва Оммавий ахборот воситалари ходимлари куни” муносабати билан ҳуқуқий тарғиботдаги фаол иштироки учун 
20 нафарга яқин ОАВ ходимлари, вилоят адлия бошқармаси ва унинг тизимига кирувчи идоралар масъул ходимлари Адлия бошқармасининг Ташаккурномалари ва Фахрий ёрлиқлари ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирландилар.